poytaxt.uz
Фотогалерея
Видеогалерея
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни «Xалқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни «Xалқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 5-сон, 125-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 3-сон, 38-модда; 1999 й., 1-сон, 20-модда; 9-сон, 206-модда; 2000 й., 5-6-сон, 153-модда; 2003 й., 9-10-сон, 134-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 37-сон, 408-модда; 51-сон, 514-модда; 2008 й., 52-сон, 510-модда; 2012 й., 51-сон, 574-модда; 2014 й., 4-сон, 45-модда; 2015 й., 52-сон, 645-модда) 


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР 

 

1-модда. Сайлов ўтказишнинг асосий принциплари 

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида беш йил муддатга ўтказилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

 

2-модда. Умумий сайлов ҳуқуқи 

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатлар сайлови умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқаролари сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар. 

 

3-модда. Тенг сайлов ҳуқуқи 

Ҳар бир фуқаро – сайловчи бир овозга эга. 

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар.

 

4-модда. Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи 

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар. 

 

5-модда. Яширин овоз бериш 

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловида эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиши-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди. 

 

6-модда. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик 

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништирадилар, депутатликка номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида маълум қиладилар.

Округ сайлов комиссияси манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси белгилайдиган намунадаги мандатни кузатувчи учун беради.

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

депутатликка номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш;

овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баёнларини тузишда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш;

башарти сайлов участкасида ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиш;

сайловчилардан уларнинг кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш.

 

II. САЙЛОВ ОКРУГЛАРИ ВА САЙЛОВ УЧАСТКАЛАРИ

 

7-модда. Сайлов округлари тузиш 

Депутатлар сайловини ўтказиш учун: 

халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига депутатлар сайлашда – олтмиштадан кўп бўлмаган; 

халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига депутатлар сайлашда – ўттизтадан кўп бўлмаган ҳудудий сайлов округи тузилади. 

Ҳар бир сайлов округидан тегишли халқ депутатлари Кенгашига битта депутат сайланади. 

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов округлари сони аҳолининг, сайловчиларнинг сонини, ҳудудни ва бошқа маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда ушбу Қонунда белгиланган нормалар доирасида тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланади. 

Сайлов округлари тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда тузилади. Сайлов округларининг чегаралари вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий тузилишини инобатга олган ҳолда белгиланади. 

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сайлов округлари рўйхатини уларнинг чегаралари ва сайловчилар сонини кўрсатган ҳолда сайловдан камида етмиш беш кун олдин эълон қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасига мувофиқ туманга бўйсунадиган шаҳарларда, шунингдек шаҳар таркибига кирувчи туманларда халқ депутатлари Кенгашлари ва тегишли Кенгашларга сайлов ўтказувчи сайлов округлари тузилмайди, депутатлар сайланмайди.

 

8-модда. Сайлов участкалари тузиш тартиби ва нормаси 

Сайлов участкалари сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида туманлар, шаҳарлар ва шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда тузилади. Сайлов участкалари ҳарбий қисмларда ҳам тузилади. 

Санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаниш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бу сайлов участкалари ўзлари жойлашган ердаги сайлов округлари таркибига киради. 

Сайлов участкалари туман, шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан, ҳарбий қисмларда – ҳарбий қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилади. 

Сайлов участкалари сайловдан камида олтмиш кун олдин тузилади. Ҳарбий қисмларда, олис ва бориш қийин бўлган ерларда ҳам сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса – истисно тариқасида сайловга камида беш кун қолганида тузилади. 

Сайлов участкалари, қоида тариқасида, камида йигирма нафар ва кўпи билан уч минг нафар сайловчидан иборат этиб тузилади. 

Овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир сайлов участкасига туман, шаҳар ҳокимлиги бино ажратади. 

Туман, шаҳар сайлов комиссияси сайлов участкаларининг тартиб рақамини белгилайди ҳамда участка сайлов комиссиясининг ва овоз бериш биносининг манзилини кўрсатган ҳолда ҳар бир сайлов участкасининг чегаралари тўғрисида сайловчиларни хабардор этишни ташкил қилади. 

 

III. САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ

 

9-модда. Сайлов комиссиялари тизими 

Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун: 

халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси; 

халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси; 

халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссияси; 

округ сайлов комиссиялари; 

участка сайлов комиссиялари тузилади. 

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади.

 

10-модда. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясини тузиш 

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайловга камида саксон кун қолганида комиссиянинг раиси ва олти – ўн тўрт нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини тегишли халқ депутатлари Кенгашларига сайлов юзасидан навбатдаги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунга қадар амалга оширади.

Комиссия раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссиянинг биринчи мажлисида унинг аъзолари орасидан сайланади. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси ўз таркиби, жойлашган манзили ва телефон рақамларига доир маълумотларни расмий маҳаллий матбуот органларида эълон қилади. 

 

11-модда. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатлари 

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси: 

1) тегишли ҳудудда ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди ва сайловни ташкил этишга доир масалалар юзасидан изоҳлар бериб боради; 

2) тегишинча халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради; 

3) тегишли халқ депутатлари Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади; 

4) тегишли сайлов комиссияларининг фаолиятини йўналтириб боради, уларнинг таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди, округ ва участка сайлов комиссияларининг қарорларини, башарти, бу қарорлар ушбу Қонунга зид бўлса, мустақил тарзда ёки вилоят, туман, шаҳар прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилиши мумкин; 

5) депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олади; 

6) тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатга олади ва улар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади; 

7) депутатликка номзодлар сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитлар таъминлайди; 

8) пул маблағларини тегишли сайлов комиссиялари ўртасида тақсимлайди, сайлов комиссиялари, бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади; 

9) тегишли халқ депутатлари Кенгаши сайловига доир сайлов бюллетенлари, сайловчилар рўйхатлари, сайлов комиссиялари баёнлари, сайлов варақалари, ўз муҳри, сайловга оид бошқа ҳужжатларнинг шаклларини тасдиқлайди ва тайёрланишини таъминлайди; 

10) сиёсий партиялар, маҳаллий давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари вакилларининг ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди; 

11) тегишли халқ депутатлари Кенгашига ўтказилган сайлов якунларини чиқаради, сайланган депутатларни рўйхатга олади, сайлов якунларига доир маълумотларни ва сайланган депутатларнинг рўйхатини матбуотда эълон қилади; 

12) депутатларга тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутати гувоҳномасини ва кўкрак нишонини беради;

13) такрорий сайлов ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади; 

14) тегишли сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади; 

15) ушбу Қонун жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган тарзда бузилганлигига доир материалларни прокуратура органларига оширади; 

16) сайловни ўтказиш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ ҳужжатлар архивларга ўтказилишини таъминлайди; 

17) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади. 

 

12-модда. Округ сайлов комиссиясини тузиш 

Округ сайлов комиссияси тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти – саккиз нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади.

 

13-модда. Округ сайлов комиссиясининг ваколатлари 

Округ сайлов комиссияси: 

1) сайлов округи ҳудудида ушбу Қонун ижросини назорат қилади: 

2) сайлов участкаларининг манзилини округ сайловчилари эътиборига етказади; 

3) депутатликка номзодларнинг сайлов компаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитлар таъминлайди; 

4) тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган депутатликка номзодларга гувоҳномалар беради; 

5) депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади; 

6) депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради; 

7) сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитади;

8) сайловчиларнинг рўйхатлари тузилиши ва ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради; 

9) сайлов округ бўйича сайлов бюллетени матнини тасдиқлайди ва участка сайлов комиссияларини сайлов бюллетенлари билан таъминлайди; 

10) сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлайди ва тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этади; 

11) такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов, шунингдек бўшаб қолган ўринга депутат сайлови ўтказилишини ташкил этади; 

12) участка сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади; 

13) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади. 

 

14-модда. Участка сайлов комиссиясини тузиш 

Участка сайлов комиссияси туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш – ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.

Участка сайлов комиссияси таркибининг сони зарур ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин. 

 

15-модда. Участка сайлов комиссиясининг ваколатлари 

Участка сайлов комиссияси: 

1) участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади; 

2) сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади; 

3) сайлов куни ўз турар жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан сайлов варақаси солинган ёпиқ ҳолдаги конвертларни қабул қилиб олади; 

4) аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади; 

5) овоз бериш биноси ва сайлов қутилари ҳамда бошқа сайлов ашёлари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди; 

6) сайлов куни сайлов участкасида овоз беришни ташкил этади; 

7) сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади; 

8) сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ташкил этиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади; 

9) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади. 

 

16-модда. Сайлов комиссияларига аъзолик 

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят ва округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан тасдиқланади.

Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи туман, шаҳар ва округ сайлов комиссияларининг аъзолари, шунингдек участка сайлов комиссияларининг аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига биноан тасдиқланади.

Комиссиянинг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин. 

Комиссия аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга тегишли бўлиб, комиссия аъзоси ушбу Қонун талабларини бузгани ёки ўз вазифаларини мунтазам равишда эътиборсиз қолдириб келгани тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади. 

Зарурат бўлганида сайлов комиссиясининг янги аъзоси ушбу Қонунда белгиланган тартибда тайинланади. 

Сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари сиёсий партияларнинг аъзоси бўлишлари мумкин эмас. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар сайлов комиссияларига аъзо бўлишлари мумкин эмас. 

Бир шахс фақат битта сайлов комиссиясига аъзо бўлиши мумкин. 

 

17-модда. Сайлов комиссияларининг ишини ташкил этиш ва уларнинг ваколат муддати 

Башарти, сайлов комиссиясининг мажлисда комиссиянинг мажлис ўтказилаётган кундаги мавжуд таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этса, мажлис ваколати ҳисобланади. Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини билдиришга ҳақлидирлар, бу фикр ёзма шаклда баёнга илова қилинади. Агар овозлар тенг бўлиниб қолса, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи кучга эга бўлади. 

Сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссияларининг, шунингдек тегишли маҳаллий давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларининг ижроси учун мажбурийдир. 

Сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки аъзоларидан бошқа бири комиссиянинг қарорига биноан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин. Бунда сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади. 

Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишлари учун ёрдам беришлари, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт. 

Давлат органлари, корхона, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун керакли бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туришлари шарт. 

Сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва жамоат бирлашмалари органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар кўпи билан уч кун ичида комиссия ўртага қўйган масалани қараб чиқишлари ва сайлов комиссиясига жавоб қайтаришлари шарт. 

Округ ва участка сайлов комиссиялари тегишли сайлов округларидан сайланган депутатлар вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятларини тўхтатадилар.

 

171-модда. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда ўз аъзолари орасидан ваколатли вакил тайинлашга ҳақли;

18-модда. Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни қараб чиқиш 

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, депутатликка номзодлар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан юқори сайлов комиссиясига ёки судга қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида шикоят билан мурожаат этишлари мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим. Шикоят берган шахслар шикоят кўриб чиқилишида бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

 

IV. САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ БОШЛАНГАНЛИГИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ. ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН, ШАҲАР КЕНГАШЛАРИ ДЕПУТАТЛИГИГА НОМЗОДЛАР КЎРСАТИШ ВА УЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

 

19-модда Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлиги депутатларнинг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

 

20-модда. Депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи 

Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар. 

Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эгадирлар.

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин қонунда белгиланган тартибда рўйхатга олинган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин. 

 

21-модда. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар тақдим этадиган ҳужжатлар 

Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим: 

сиёсий партиянинг тегишли вилоят, туман, шаҳар органи раҳбари имзолаган сайловда қатнашиш тўғрисидаги ариза; 

сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотнома. 

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партия вакилига ариза қабул қилинган кун қайд этилган маълумотнома беради. Сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда қатнашишига ижозат бериш ёки бермаслик тўғрисида беш кун муддатда узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиши навбатига қараб тегишли вилоят, туман, шаҳар матбуотида эълон қилинади. 

 

22-модда. Депутатликка сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан номзодлар кўрсатиш

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугалланади. 

Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлигига номзодлар сиёсий партияларнинг вилоят органлари томонидан кўрсатилади. 

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар сиёсий партияларнинг тегишли туман, шаҳар органлари томонидан ҳамда фуқаролар йиғинларида (вакиллари йиғилишларида) кўрсатилади.

Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ваколатлидир. Агар тегишли халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округи ҳудудида фуқароларнинг икки ва ундан ортиқ ўзини ўзи бошқариш органи жойлашган бўлса, депутатликка номзод фуқаролар вакилларининг йиғилишларида кўрсатилади. Йиғилишда иштирок этадиган вакиллар нормасини тегишли туман, шаҳар сайлов комиссияси белгилайди. 

Депутатликка, қоида тариқасида, тегишли вилоят, туман ёки шаҳар ҳудудида ишловчи ёки яшовчи фуқаролар номзод этиб кўрсатилади. Бир шахс тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзодлар танлаш тартибини сиёсий партияларнинг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўзлари белгилайдилар.

Хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим.

Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эса, шахсларни у ёки бу партияга мансублигидан қатъи назар, депутатликка номзод этиб кўрсатишга ҳақлидир. Депутатликка номзод этиб фуқаролар орасидан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, тегишли вилоят, туман, шаҳар иқтисодиётини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг, фермерлик ҳаракатининг самарадорлигини оширишга кўмаклашаётган шахслар кўрсатилади. Депутатликка номзодлар кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилади. 

 

222-модда. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатлар

Сиёсий партия тегишли органининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг раҳбари депутатликка номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади: 

сиёсий партия тегишли органининг, фуқаролар йиғинининг (вакиллари йиғилишининг) депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори; 

сиёсий партия тегишли органи мажлисининг, фуқаролар йиғини (вакиллари йиғилиши) депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, шунингдек сайлов округининг номи ва тартиб рақами кўрсатилади; 

депутатликка номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси; 

ушбу Қонун 23-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг, башарти улар депутат этиб сайлангудек бўлсалар, эгаллаб турган лавозимларидан бўшаш тўғрисидаги аризалари. 

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг раҳбарларига белгиланган тартибда маълум қилади.

 

23-модда. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар

Қуйидагилар:

содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;

сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари депутатликка номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

Судьялар, прокуратура органлари ва ҳокимият ижроия органларининг мансабдор шахслари (вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимлари бундан мустасно) депутат этиб сайлангудек бўлсалар, эгаллаб турган лавозимларидан бўшаш тўғрисида ариза берганлари тақдирдагина халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинадилар.

24-модда. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш 

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугашига етти кун қолганида тўхтатади. 

Ушбу Қонунга мувофиқ депутатликка номзод этиб кўрсатилган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади. 

Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тўхтатилади. 

Тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси депутатликка номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кун ичида депутатликка номзоднинг фамилиясини, исми ва отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва турар жойини, шунингдек уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини кўрсатган ҳолда рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни маҳаллий матбуотда эълон қилади. 

 

V. САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ. ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

25-модда. Сайловолди ташвиқоти 

Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият. 

Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. 

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

251-модда. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари

Сайловолди ташвиқоти қуйидаги тарзда олиб борилади: 

сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш; 

депутатликка номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш. 

Сайловолди ташвиқоти омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, депутатликка номзод, сиёсий партия тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин. 

Сайловолди ташвиқоти: 

оммавий ахборот воситалари, шунингдек телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи) орқали; 

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали; 

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади. 

Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин. 

Давоми ...

Печать 20 Октябрь 2017 Ўқилди: 1387




Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
Қирғизистон Республикаси Президенти 13-14 декабрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади
Сайтда фойдаланувчилар сони: 323
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 

beta(test statistika)

 

 

12.12.2017

ҳолати

 

Сайтга келиб тушган мурожаатлар

 

Ишонч телефони орқали келиб тушган мурожаатлар

 

Ҳокимликга ёзма келиб тушган мурожаатлар

 

PM.GOV.UZ Президент порталига келиб тушган мурожаатлар

 

MY.GOV.UZ порталига келиб тушган мурожаатлар

 

Келиб тушгани мурожаатлар

 

67

 

94

 

15463

 

43687

 

16060

 

Ижродаги мурожаатлар

 

3

 

14

 

610

 

2910

 

364

 

Ижроси таъминланган мурожаатлар

 

63

 

70

 

14853

 

40777

 

15969

 

Муддати бузилган мурожаатлар

 

0

 

10

 

102

 

61

 

69

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

 

Иш тартиби:

Иш соат 09:00 - 18:00

Тушлик                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    13:00 - 14:00

дам олиш куни Шанба ва якшанба

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар