Гиёҳвандлар жазоланди

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди ва туман Маъмурий суди томонидан “Давлатобод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остида очиқ мулоқот ўтказилди.

Туман ҳокимлиги масъуллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлимлари вакиллари ва маҳалла фаоллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, маҳаллаларни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантириш юзасидан амалга ошрилаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбир доирасида ташкил этилган сайёр суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан икки нафар айбланувчига тегишли жиноят иши кўриб чиқилди. Айблов хулосасига кўра, улар жорий йил 5 февраль куни гиёҳвандлик воситасини тайёрлаб, истеъмол қилаётган вақтида ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган. Суд мажлисида бу икки шахс қилмишидан пушаймон ҳолатда барча айбига иқрор бўлди. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Шунингдек, сайёр суд мажлисида Учтепа туман Маъмурий суди томонидан бир қатор фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортишга доир материаллар кўриб чиқилди.

– Бу каби сайёр суд мажлисларида жиноят содир этган шахснинг қилмиши қандай оқибатга олиб келиши фуқароларга кўрсатилмоқда, – деди Учтепа туман суди судьяси Б.Султонов. – Аҳоли билан мулоқотларда атрофда бўлаётган воқеаларга лоқайд қарамаслик зарурлиги тушунтирилмоқда. Жиноятчиликка қарши курашишда жамоатчиликнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

А.Мусаев,ЎзА

http://uza.uz/oz/society/giye-vandlar-zhazolandi-07-07-2018

07.07.2018



Печать 07 July 2018 Ўқилди: 389