Таъзия билдирамиз!

Бугун Ўзбекистон халқи, қўшни қардош миллат халқлари оғир жудоликка учради. Кўп йиллар ислом дини учун, маърифат учун хизмат қилиб келган таниқли уламо, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби устозимиз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Ўлим ҳақ. Аллоҳ таолонинг иродасига итоат этамиз. Ҳаётларида кўп машаққатлар, синовларни бошларидан ўтказган. Парвардигоримиз ато этган юксак ирода билан, сабр билан бутун умрлари давомида исломга, миллат маънавиятининг ўсишига, маърифатга, китобхонлик ва мутолаага, айниқса ёш авлод тарбиясига хизмат қилишдан чарчамадилар. Тошкент шаҳар ҳокимлиги  Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, Аллоҳдан бу оғир жудолик пайтида барчага сабр сўраб қолади. Аллоҳ таоло устозимизнинг динимиз ривожи йўлидаги фидокорона хизматлари, қилиб ўтган барча эзгу амаллари ажрини охиратда Ўзига маълум ададларда кўпайтириб берсин, жаннатлари ила мукофотласин.

 Анвар қори Турсуновнинг қолдирган илмий мерослари, ваъзу иршодлари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Охиратлари обод бўлсин.

Жаноза намози бугун, 13 июнь куни  Анвар қори Турсуновнинг  ўзлари имом-хатиб бўлиб фаолият юритган “Минор” жоме масжидида Аср намозидан сўнг адо этилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати



Печать 13 June 2018 Ўқилди: 289