Тошкент шаҳар прокуратураси ёшлар ва ўсмирлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқда

2018 йил 12 май куни муҳтарам Президентимизнинг Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш давомида берган топшириқларида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида пойтахтимизда “Муаммолар ечими - ҳаракатлар якдиллигида” гуруҳларини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида кенг қамровли қўшма қарор қабул қилинди.

Тошкент шаҳар прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Ш.С.Облоқулов пойтахтимизнинг бир қатор масканларида бўлиб фуқароларнинг муаммолари билан танишди.

Асалобод 2-мавзеси 10-уй, 19-хонадонда яшовчи фуқаро В.Рожкованинг уйига борилиб, кўрсатилган ёрдам натижасида унинг фарзанди А.Рожкова таълимга қайтарилиб, “Ёшлар” иттифоқи қошида ташкил этилган инглиз тили ва спортнинг таэквондо спорт тўгарагига бепул қатнашишга йўлланма берилди. Шунингдек, ушбу оила ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланди.  

Шаҳардаги 52-сонли ёрдамчи мактабнинг 6-синф ўқувчиси, ногирон ва уйида якка тартибда таълим олаётган Д.Ахмедовнинг уйига борилиб, унинг шароити ўрганилди. Ўқувчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли дори-дармон воситалари ва ўқув қуроллари билан таъминланди. Оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилди.  

Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари Э.У.Инамджанов томонидан шаҳардаги “Тузел-1” даҳаси 30-уй, 9-хонадонда яшовчи фуқаро С.Дадабаеванинг уйига борилди. Вояга етмаган И.Қурбоновга “Ёшлар” иттифоқи қошида ташкил этилган спортнинг волейбол спорт тўгарагига бепул қатнашишга йўлланма берилди. Уйда таълим олиши учун тегишли ўқув қуроллари билан таъминланиб, оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилди.  

Шаҳардаги Б.Хилолий кўчаси 54-уйда яшовчи фуқаро И.Таницойнинг уйига борилиб, оила муаммоси ўрганилиб, хонадон эгаси ишга жойлаштирилди. Шунингдек, фуқаронинг паспорт муаммоси ҳал қилиниб, унинг балоғатга етмаган фарзанди Е.Таницой тиббий кўрикдан ўтказилиб, мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди, оила ижтимоий муҳофазага олинди.

Тошкент шаҳар прокуратураси, шаҳар ИИББ органлари ва “Ёшлар” иттифоқи ходимлари ҳамкорликда, шаҳарда жойлашган касб-ҳунар коллежлари, академик лецейлар ва умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг таълимга қатнашиш давомати ўрганилиб борилмоқда.      

Хусусан, Тошкент автомобиль ва йўллар касб-хунар коллежи, юридик ва дизайн коллежларида давомат тадбирлари ўтказилди.

Ушбу коллежларда мунтазам дарс машғулотларига қатнашмаётган ўқувчилар аниқланиб, уларни дарсга келмаслик сабаблари ўрганилиб, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаётган уларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий чоралар кўрилмоқда.

16.05.2018, 17:00



Печать 16 May 2018 Ўқилди: 491